Халқаро анжуман ўз ишини шўъба йиғилишлари билан давом эттирмоқда
Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларига бағишлаб Душанбе шаҳрида ташкил этилган халқаро конференция дастурига кўра, куннинг иккинчи ярмида шўъба йиғилишлари бўлиб ўтяпти.
Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий муносабатлар, иқтисодий ва маданий алоқаларнинг жорий ҳолати ва истиқболи, давлатлараро илмий алоқалар, сингари мавзуларда алоҳида гуруҳлар иштирокида кечаётган мулоқот давомида икки мамлакат етакчи экспертлари маъруза ва мунозаралар орқали ўзаро муносабатларнинг турли масалалари бўйича фикр алмашяпти.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти Маркази раҳбари Бахтиёр Мустафоев ва Тожикистон – Россия Славян университети геосиёсий тадқиқотлар маркази директори Гузел Майтдинова модераторлигида давом этаётган 1-шўъба йиғилишида ҳар икки томондан сўзга чиққан экспертлар ва музокараларда қатнашган мутахассислар сиёсат, минтақавий интеграцияга нисбатан ёндашувлар, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланиш масалаларига иккала томоннинг қарашлари ва ёндашувларидаги умумийликлар, ер юзида янгидан шаклланаётган тартиб-тамойиллар шароитида Ўзбекистон – Тожикистон муносабатлари, давлатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг сўнгги йиллардаги ривожи ва айни жараённинг минтақа учун аҳамияти, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг Афғон инқирозини бартараф этишга қўшаётган ҳиссаси каби муҳим ва долзарб мавзулар муҳокама этилмоқда.
Хусусан, Б.Мустафоевнинг “Ўзбекистон Республикасининг Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ва интилишлари, ёндашувлари тўғрисида: ўзбек-тожик ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари” мавзусидаги чиқиши йиғилиш иштирокчилари томонидан қизғин кутиб олинди.
Иқтисодиётга оид масалаларни қамраб олган 2-шўъба йиғилишида Ўзбекистон ва Тожикистон узоқ муддатли истиқболдаги иқтисодий ҳамкорлигининг стратегик йўналишлари, Савдо, инвестиция ва саноат кооперацияси бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш – халқларимиз турмуш фаровонлигини оширишнинг калити, Тожикистон ва Ўзбекистон олимлари ўртасида иқтисодий-демографик тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш, транспорт ва энергетика соҳасидаги алоқалар ҳамда интеграция муносабатларини ривожлантириш, Минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида аграр ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, молиявий-инвестициявий муносабатларни мустаҳкамлаш, чегара ҳудудларида савдо юритиш, ўқув-таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш сингари кўплаб муҳим мавзулар муҳокама қилинди.
Ҳар икки шўъба йиғилиши сўнгида фикр-мулоҳаза, таклиф ва тавсиялардан иборат мунозараларга алоҳида вақт ажратилади.