Шукроналик шукуҳи: Озодликнинг ҳавоси ҳам бошқача...
Сиз учун озодлик — етти ҳарфдан иборат оддий сўз бўлиши мумкин. Аммо бу сўз кимлар учундир ўзгача жарангдор, жозибали ва сеҳрли кучга эгадек туйилиши аниқ. Озодликни маҳкумлар, ундан маҳрум бўлганлардан бўлак ҳеч ким яхши тушунмаса керак. Сурхондарёлик Ўктам Худойқулов бугун қуёшни панжара ортидан эмас, унга пешвоз чиқиб томоша қилаяпти.
Озодликнинг ҳавоси бошқачадек, кўксини тўлдириб тўйиб-тўйиб нафас олаяпти. Болалиги ўтган қадрдон қишлоқ уни яна бағрига олганда оёқяланг ўйнаган кўчалардан ўтар экан, ҳаёт ҳар доимгиданда гўзалроқ кўринди кўзларига. Кўнгилда ажиб энтикиш билан остона хатлаб, йиллар шиддати ота-онасининг юзларида ўз изини қолдирган чеҳраларга бугун қувонч ёшлари билан боқади. Уларни изтиробда қолдириб, ўткинчи ҳою ҳавасларларга берилганидан ўзини ич-ичидан койийди. Қанийди барини ортга қайтара олса…
Балки, ҳаёти бошқача бўлармиди. Мана шу изтироб, афсус ва надомат унинг кўнгил тубида қолиб кетмади. Бу унга озодлик нашидаси, иккинчи имкон бўлиб берилди ва жорий йилнинг 27 август куни «Афв» асосида жазо муддатидан илгари шартли равишда ЖИEМдан озод этилди.
Кечагина Навоий вилояти, Қизилтепа туманидаги қатъий жазони ўташ муассасасидаги қийинчиликлар ҳали ёдидан чиққани йўқ.
– Кутилмаганда содир бўлган ҳаётимдаги бу қувончли хушхабардан бир оз эсанкираб қолдим, – дейди Ў.Худойқулов. – Ким ҳам ўйлабди дейсиз, тўрт томоним қиблага айланиб бир неча кунда уйимга қайтаман деб. Йўлда энди нима қиламан, нима иш билан шуғулланаму ҳаётимни қандай изга соламан деган ўй билан калавани учини қидирдим. Аммо уйимга қайтишим билан бу жиноятчи деб ўтиришмай маҳалла, ҳокимлик ва тегишли ташкилотлар ҳам маънан, ҳам руҳан, ҳам моддий ёрдам беришди. Мен эса бунинг қадрига бормаган, ўқиб уқмаган эканман. Энди кўзим очилди. Маҳкумликда ўтган йилларим бир умрга татийдиган сабоқ бўлди. Энди ортга қайтиш йўқ. Энди фақат ва фақат олдинга олға юриш бор. Ота-онам ишончини оқлаб, уларнинг хизматини қилиш, оиламни кўз қорачиғимдек асраш энг олий мақсадимга айланган.
Ҳақиқатдан ҳам у уйига қайтгач, унинг муаммолари билан вилоят ҳокимининг шахсан ўзи қизиқиб, муносиб ечим топиш юзасидан тегишли ташкилотларга керакли топшириқларни берди. Қарабсизки, Ў.Ортиқов қурилиш корхоналаридан бирига ишга жойлаштирилди. Озиқ-овқат ва пул кўринишидаги моддий ёрдам ҳам кўрсатилди. Хурсандчилик устига хурсандчилик деганларидек, жорий йилда туманда қурилаётган кўп қаватли уйлардан уй-жой олиш учун рўйхатга олиниб, бошланғич тўлови давлат томонидан ажратиладиган бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 августдаги «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги 6049-сонли Фармонига биноан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-банди ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 76-моддасига асосан, озод этилган 8 нафар шахснинг барчасига ҳаётда ўз йўлини топишлари учун мана шундай манзилли ёрдам кўрсатилди. Бу меҳр ва эътиборни уларнинг ўзлари ҳам ҳис этмоқдалар. Ўрни келганда, бот-бот қалб қўридан отилиб чиққан миннатдорлик сўзларини ҳам изҳор қилмоқдалар.
Сайёра АЛЛАЕВА,
мухбир