http://uza.uz/upload/iblock/c96/khal_aro_konferentsiyaning_yalpi_mazhlisi_yakunlandi.jpg

Халқаро конференциянинг ялпи мажлиси якунланди

Душанбе шаҳридаги Миллий кутубхонада давом этаётган “Ўзбекистон ва Тожикистон етакчиларининг дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси, ўзбек-тожик стратегик шериклигида янги саҳифа очилиши” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ялпи мажлисида навбатдаги маърузачилар ўз чиқишларини тақдим этишяпти.

Тожикистон Миллий фанлар академияси Иқтисодиёт ва демография институти директори, иқтисодиёт фанлари доктори Шариф Раҳимзода “Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий муносабатлар ривожланиш тенденцияси” мавзусидаги чиқишида мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар ривожи халқларимиз турмуш тарзида, икки мамлакатнинг оддий инсонлари ҳаётида акс этаётганини таъкидлади.

Ялпи мажлис давомида Тожикистон Миллий фанлар академияси санъатшунослик бўлими мудири Аслиддин Низомов “Маданий интеграция – Тожикистон ва Ўзбекистон давлатлараро муносабатларини мустаҳкамлаш омили” мавзусида чиқиш қилди.

Шундан сўнг навбат мунозараларга берилди. Сиёсат, иқтисод, ижтиомий ҳаёт, маданият, санъат, илм-фан йўналишларида фаолият олиб бораётган икки давлат вакиллари – конференция иштирокчилари ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро муносабатлар кўламини янада кенгайтиришга оид долзарб фикрларини билдиришди. Дўстона, конструктив руҳда, савол-жавоб, эркин мулоқот асносида кечган мунозараларда турли соҳалардаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.

http://uza.uz/upload/medialibrary/8c8/photo_2020_09_14_14_03_04.jpg