Энг кўп пахта терган теримчига 10 миллион сўм пул мукофоти берилди
Фарғона вилоятида пахта мавсуми уюшқоқлик билан ўтказилаётган бўлиб, терим қизғин паллага кирди. Ҳар куни хирмонларга 10 минг тоннадан зиёд ҳосил уюлмоқда. Сабаби маълум. Биринчидан, деҳқон, фермер астойдил меҳнат қилди. Сўнгги икки йилда моддий манфаатдорликни кўрди. Кластер ёнилғи, ўғит, техника, уруғ билан таъминлади. Тўловларни ўз вақтида амалга оширди.
Иккинчидан, теримга аҳоли ўзи хоҳлаб чиқмоқда, у ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланишга, кўпроқ теришга тиришмоқда. Чунки яна моддий манфаатдорлик билан боғлиқ. Ҳар килограмм терган пахтаси учун кун якунида тарози бошида минг сўмдан иш ҳақи оляпти.
– Оиламиз аъзолари билан бирга фермер даласига чиқдик, – дейди Олтиариқнинг Азимобод қишлоғида яшовчи Хатича опа. – Кун бўйи 560 килограмм пахта тердик. Фермер ва “Агробанк” вакили қўлимизга 560 минг сўм пул берди.
Хатича опа каби чаққон теримчилар ҳар бир туманда бор. Шунинг учун вилоят ҳокимлиги бу йил ҳам илғор теримчилар ўртасида мусобақа ўтказди. Унда 14 та тумандан 42 нафар теримчи иштирок этди. Эрталаб соат саккиздан кеч соат бешгача бўлган вақт ичида Ёзёвон, Олтиариқ туманлари вакиллари Ҳакима Халилова ва Фотима Убайдуллаевалар 256 ҳамда 253 килограммдан пахта териб биринчи ўринни эгаллади. Бешариқ ва данғаралик Ўғилой Қобилова, Гулноза Абдураҳимовалар 229, 223 килограмдан териб иккинчи, Қува ва Фурқат туманидан бўлган Эъзоз Ортиқова, Саида Эгамназаровалар 208 ва 201 килограммдан териб, учинчи ўринни қўлга киритди.
Вилоят ҳокимлиги мусобақанинг барча иштирокчиларини тақдирлади. Чунки энг оз кўрсаткич ҳам 150 килограммдан юқори эди. Биринчи ўринга 10 миллион сўм, иккинчи ўринга 7, учинчи ўринлар эгалари 5 миллион сўм билан мукофотланди. Қолганларга электрон жиҳозлар совға қилинди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ғолиб ва иштирокчиларга таниқли ҳунарманд “Иброҳимжон гиламлари” корхонаси раҳбари, сенатор Иброҳимжон Султонов ўзининг махсус совғалари замонавий дизайнда ипак матодан тикилган кийимларни топширди.
– Мен бугунгача 3 тоннага яқин пахта тергандим, мавсум давомида ўн тоннага етказаман, – дейди мусобақа ғолиби Ҳакима Халилова.