Шукроналик шукуҳи: Озодлик — энг буюк неъмат
Мен Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-, 242-, 244-моддалари билан айбли деб топилиб, 12 йилга озодликдан маҳрум этилган эдим. Жазо муддатини ўташ даврида қилган ишим қонунга хилоф эканини тўла англаб етдим. Муассасада эшитган ўгит-насиҳатлар, белгиланган тартиб-қоидалар мени ҳаётга бошқача кўз билан қарашга, ота-она, ака-уканинг қадрига етиш, озодлик нечоғли буюк неъмат эканини англашга ўргатди.
Президентимизнинг мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан жазони ўтаётган ва қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлганларни афв этиш мақсадида имзолаган фармонига асосан афв қилиниб, 27 август куни уйимга кириб келган бўлсамда, хурсандчилик ҳаяжони ҳали-ҳамон босилгани йўқ.
Тўғриси, сира кечириб бўлмас хатога йўл қўйганимдан жуда афсусдаман. Бу йўлга кириб қолишда, аввало, билимсизлигим сабаб. Инсон билимсиз бўлгандан кейин ҳар бир нарсани тўғри деб туриб шунга эргашиб кетавераркан. Панжара ортида ўтказган синовли дамларда шу нарсани англаб етдим-ки, бу ҳаётда ҳар бир инсоннинг ўз фикри бўлиши керак экан. Мен каби ким нима деса, ишониб кетавермай, қилаётган ишининг охири қандай якун топишини ўйлаши, бу ҳақида мулоҳаза қилиши лозим экан.
Ўша ерда англаганим, агар мен ўз вақтида ақлимни, илмимни, виждон ва инсофимни ишга сололганимда эди, бугун нотўғри деб билган қандайдир оқим учун бебаҳо, бетакрор умримнинг олтинга тенг даврини панжара ортида ўтказмаган бўлардим. Ширин ёшлик онларини энди ҳеч ким ортга қайтариб беролмайди. Ўтган кунларимга боқиб, чуқур хўрсинаман. Йўқотган умрим эвазига афсус ва надоматдан бошқа ҳеч нарса топмадим. Ҳақиқат шуки, инсон озодликнинг буюк ва бебаҳо неъмат эканини айнан тутқунлик даврида англаб етаркан. Энди адашмай, алданмай, бошқаларни ҳам чалғитмай яшайман. Фарзандларим тарбиясига, оилам, юртим хизматига ўзимни бағишлайман.
Мен қилган жиноятим учун жазоимни олдим. Юрагимни пушаймонлик, афсус, надомат ўртайверарди. Онаизоримнинг хизматини қилолмаганим, розилигини ололмаганим юрагимни эзади. Онамнинг ўлимида фақат ўзимни сабабчи ва айбдор деб биламан. Армоним онаизоримни охирги манзилига олиб бориш менга насиб этмади.
Икки нафар фарзандимнинг бири уч ярим ёш, иккинчиси уч ойлик чақалоқ эди. Оилавий қийинчилик сабаб кичкина фарзандим холасининг қўлида катта бўлди. Ачинганим у нафақат ота меҳридан, балки она меҳридан ҳам мосуво бўлиб вояга етди.
Менинг жуда оғир жиноятимни афв этган Президентимиздан бир умр миннатдорман. Мени кечиришларига ҳеч ишонмагандим. Тўғриси, кечириш қийин эди бундай нонкўрликни. Халқимиз кечиримли, Президентимиз бағрикенг. Энди ҳаётимни янгидан бошламоқчиман. Эл-юрт равнақи йўлида фойдали меҳнат қилиб, ёшлик куч-ғайратимни оилам фаровонлиги учун сарфлайман. Ҳаётда ўз ўрнимни топиб кетишимга вилоят ҳокимлиги, маҳалла оқсоқоллари, профилактика инспектори яқиндан ёрдам бераётганидан хурсандман. Навбатсиз янги паспорт олдим. Тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказишди. Муқаддам судланганларни ижтимоий ҳимоялаш кўникма марказидан 1 миллион 338 минг сўм моддий ёрдам кўрсатишди. Иш таклиф қилишди. Мутахассислигим бўйича «Ҳудудгаз» акциядорлик жамиятига ишга қабул қилиш учун суҳбатдан ўтдим.
Бу эътибор Президентимиз олиб бораётган сиёсатининг меваси. Бундан 5-6 йил олдин бу эътибор йўқ эди. Мен яна бир бор давлатимиз раҳбаридан, меҳрибон халқимдан кечирим сўрайман. Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. Бағрикенглик шу қадар бепоён бўлармикан? Мендай ғофил бандаларга шунчалик ғамхўрлик, мурувват, саховат кўрсатилиши, юрагимдаги эзгуликларни ўстирмоқда.
Анвар АБДУЛЛАЕВ,
Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳри
Буюк Турон маҳалласи