Тадбиркор: қуёнларим билан бирга яшайман
Хайрулло Мирзаев болаликдан қуён боқишга қизиқади. Раҳматлик онасининг кўрсатмаси, отасининг насиҳатлари билан Хайрулла қуёнчилик соҳасини ривожлантириш бўйича дастлаб мўжазгина уйида кейинчалик ташландиқ бинода фаолиятини давом эттиради. Соҳани ривожлантириш бўйича давлат раҳбари томонидан чиқарилган ҳужжатларни ўрганиб, фаолиятини кенгайтириш учун 2016 йили банкдан 160 миллион сўм кредит олади. Ота-онасининг номини абадийлаштириш мақсадида “Хосият Файз Мирзо” масъулияти чекланган жамияти корхонасига асос солади. Дастлаб 3 киши билан иш бошлаган тадбиркор қуёнларни кўпайтириб аҳолига сотишни бошлайди.
– 45 миллион сўмга махсус аппарат сотиб олиб қуёнлар учун озуқа ишлаб чиқаряпмиз, – дейди Бухоро тумани Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғини Зарафшон кўчаси 14 уйда яшовчи Хайрулло Мирзаев. – Озуқа учун беда ўти, буғдой, арпа, кунгабоқар, шурот, балиқ уни, туз, соя, бўр, маккажўхори, ёғ ва бошқа бирикмалар қўшилиб, махсус аппаратда янчилади. Ҳосил бўлган қоришма гранула ҳолатига келтирилади. Жуда ҳам фойдали бу маҳсулотни қуёнлар севиб истеьмол қилади. Эндиликда мана шундай озуқаларни тайёрлаб сотишга ҳам чиқарамиз. Авваллари бу озуқа водий вилоятларидан олиб келинган. Қуён билан бирга яшайман. Уларни яхши кўриб парваришласангиз жуда ҳам кўпайиб кетади. Қуён 1 йилда 5 маратоба болалайди. Бир болалаганда 8-10 тагача кўпаяди. Гўшти парҳезбоп. 3 ойлик қуён рацион билан озиқланса 1 ярим килогача гўшт беради. Жуни харидоргир ҳисобланади.
Айни пайтда тадбиркор 250 дона Фландир, Колифорния, Хоккол зотли қуёнларни парваришламоқда. Корхонага жорий йилда “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури асосида вилоят “Микрокредит” банкидан 160 миллион сўм кредит ажратилди. Корхонада шу кунгача 5 та иш ўрни яратилди. Ишчиларга 1 миллион сўмдан ҳар ой иш ҳақи берилмоқда. Корхона томонидан аҳолига 3 мингта зотдор қуён тарқатилди. Тарқатган қуёнларни аҳоли боқиб, қайтиб корхонага сотади. Корхона сотиб олинган зотдор қуёнларни яна кўпайтиради.
–Россия Давлатига қатнардим, – дейди корхона ишчиси Расул Ярашов. – Пандемия сабаб бора олмадим. Корхонага иш сўраб келгандим ишга олишди. Рўзғоримга фойдам тегсин деб фойдали меҳнат билан бандман. Ойлигим ўз вақтида бериляпти. Бундан хурсандман.
Корхонада иш қизғин. Лекин иш бор жойда камчиликлар ҳам мавжуд. Бугун корхона қуёнлар учун озуқа ишлаб чиқаряпти. Лекин озуқа учун ер майдони жуда ҳам кам. Корхонага ер майдони ажратилса, озуқа ишлаб чиқариш кўпаяди. Қуёнчилик билан шуғулланувчи корхоналар озуқани шу ердан харид қилишади. Бунда ҳам яна иш ўринлари яратилади. Соҳада фаолият олиб борувчи ветеринария врачларининг етишмаслиги ҳам соҳанинг ривожига тўсиқ бўлиб турибди. Бу борада етук кадрларни тайёрлаш бугунги куннинг вазифаси ҳисобланади.